Супер-контракт бўйича ўқишни кўчириш тартибига изоҳ
«Перевод» бўйича айрим қўшимча изоҳлар
Аввалги изоҳ мана бу ерда:
https://t.me/xushnudbek/848
Ўртоқлар, «перевод»да балл билан кўчиб ўтилмайди. Баллнинг мутлақо алоқаси йўқ.
Фақат супер-контракт тоифаси кўчиб ўтади холос.
Масалан, қуйидагича саволлар жуда ва жуда кўп берилмоқда:
Мен 130 балл билан йиқилдим, кириш бали 150 бўлди. Худди шу ОТМдаги фалон факультетда кириш 110 балл бўлди. Ўша ерга «перевод» қилсам, оддий контрактда ўқийманми?
Йўқ, унақа эмас. Янги тартибни нотўғри тушуняпсизлар. Гап фақат супер-контрактдан арзонроқ бўлган бошқа супер-контрактга «перевод» қилиш ҳақида кетмоқда. Бали паст жойга «перевод» қилиб, оддий контракт ёки грантга кириб қолмайсиз.
Мен 130 балл олдим, ҳозир менга 8 балл етмаяпти. 10 баробар супер-контрактга тушганман. Фалон факультетда кириш 132 балл бўлган. Агар уёққа «перевод» қилсам, 2 балл фарқ қолади, мен шунда арзонроқ, яъни 2 баробар контракт тўлашга ўтсам бўладими?
Йўқ, бўлмайди. Яна қайтараман, бу ерда баллар муҳим эмас. Шунингдек, ушбу қарор 4 баллик ҳудуддагилар учун тааллуқли эмас. Сабаби 4 баллик ҳудуддаги супер-контракт баробарлари бутун Ўзбекистонда бир хил. Масалан, қайсидир ОТМга 1 балл етмай қолган бўлса, 1,5 баробар, бошқасига 1 балл етмай қолган бўлса, 2 баробар тўланмайди-ку. Ҳаммасида миқдор бир хил. Шу сабабли ушбу қарор 4 баллик ҳудуддагиларга амал қилмайди.
Гап айнан 10 баробардан ошиқ супер-контрактлар ҳақида кетмоқда.
Яна бир томони.
Супер-контрактнинг 4 хил миқдори бор: 10, 15, 20, 25 баробар.
Демак, энг арзон супер-контракт 10 баробар. Аввал эълон қилганимдек, 141 та йўналишда (51,1%) супер-контракт миқдори 10 баробар (энг арзон) этиб белгиланган.
Бундан хулоса қилиш мумкинки, супер-контракти 10 баробар бўлган йўналишлар ҳеч қаерга «перевод» қила олмайди. Чунки бошқа арзон жой йўқ, тушуняпсизми?
Майли, янада “чайнаб едириш” учун аниқ мисоллар келтираман.
Юридик университетида тарих, она тили ва чет тили тартибида имтиҳон бўлади.
Худди шу фанлар кетма-кетлигида яна 8 та йўналиш бор. Масалан: тарих (15 баробар), шарқ фалсафаси ва маданияти (15), психология (15), фалсафа (10), миллий ғоя (10), археология (10), тарих ўқитиш методикаси (10).
Кўриб турибсизки, ушбу йўналишларнинг барчасида супер-контракт ТДЮУдан арзон.
Демак, юридик университетдан йиқилган абитуриентлар 25 баробар (276 млн) контракт тўлашни истамаса, унда мен санаган йўналишларда 82 млн. ёки 124 млн. тўлаб ўқиши мумкин.
Ёки бошқа йўналишдан яна бир мисол.
Тошкент тиббиёт академиясининг Даволаш иши йўналишида биология, кимё ва она тилидан имтиҳон бўлади. Супер-контракти эса 20 баробар.
Худди шу фанлардан имтиҳон бўладиган яна 37 та йўналиш бор, шуларнинг 34 тасида супер-контракт 10 баробар. Масалан, биология, агрономия, тупроқшунослик, зооинженерия, ветеринария медицинаси, доривор ўсимликларни етиштириш, ўсимликшунослик ва ҳ.к.
Демак, ТТАнинг Даволаш иши йўналишидан йиқилганлар 202 млн супер-контракт тўлашни истамаса, 34 та йўналишдан бирини танлаб, 82 млн тўлаб ўқиши мумкин.
Хуллас, янги тартиб мана шунақа. Балл-малл деган гапларни унутинг.
Бундан бошқа яна қанақа тушунтириш мумкин, тўғриси билмадим. Барчага омад тилайман!
Каналга уланиш: 👇
https://t.me/xushnudbek

