Ўзбекистон ва Канададаги интернет тезлиги ҳамда нархлари
Ўқинг, фақат йиғламанг
Мутасаддилардан бири Ўзбекистонда интернет тезлиги 10 баробар ошади, дебди. Худди шунақа гапни 2018 йил ноябрь ойида ҳам айтишганди. Лекин аҳвол жуда ҳавас қилгудек яхшилангани йўқ.
Шу хабарлар фонида Канадада яшаётган Фарҳод Файзуллаев қуйидагича пост қолдирибди десангиз:
“Уйимда ҳозир 150 мегабит тезликдаги интернет учун ойига 68 АҚШ доллари (бу ерда ва қуйида АҚШ долларида келтираман, тушунарлироқ бўлиши учун) тўлайман. Бу суммага 1 терабайт трафик ва иккита бепул вай-фай нуқтаси киради.
Кеча «Фейсбук»да провайдерим рекламасини кўриб қолдим. Унда ҳозирги тезлигим учун $53 тўлаш таклиф қилиняпти.
Дарҳол телефон қилдим. Биринчи операторнинг сўзларига кўра, у реклама янги мижозларга қаратилган, мавжуд мижозларга бунақа чегирма йўқ. «Йиғиштир карам шўрвангни» дегандим, «ҳозир, ока» деб Лояллик (қўпол қилиб таржима қилганда «вафо») департаменти билан улаб берди. Бу бўлим норози клиентлар билан муомала қиларкан.
Гўшакни кўтарган Алексга тўғрисини айтдим: «2016 йилдан бери сизлар биланман, келиштириб бер». Алекс минг бор узр сўради-да, янги тариф таклиф қилди.
Таклифга кўра, 150 мегабит интернет учун 68 эмас, $53 тўлайман ва яна қуйидагиларни бепул қўшиб беришади:
+ 1 терабайт лимитни олиб ташлайди ва интернет трафигим чегараланмайди
+ бир юз қанча каналли кабель телевидениеси қўшиб беради
+ «Нетфликс» обунамни компания ўз бўйнига олади. Ҳозир «Нетфликс» учун $13 тўлайман ойига, бундан буён эса бу суммани провайдерим тўлайди
+ ҳисобимга $75 ташлаб беради, келажакдаги ҳаражатларимни қоплаш учун.
Ҳаммаси ойига 53$га. Ҳозирги тарифимдан $28 ютяпман (15 интернетдан, 13 Нетфликсдан) ва яна бир ботмон қўшимча хизматлар беришди.
Фақат битта шарти бор: провайдер билан икки йиллик шартнома тузаман ва шу давр мобайнида бошқа компанияга ўтиб кетмаслигим керак. Ўтиб кетадиган бўлсам, 24 ойдан қолган ҳар бир ой учун $12 жарима тўлайман.
Кўндим зўрға, ўзимни роса торозга солиб 😃 Лекин тушунмадим, шунча чегирмани нимага берди? Нега аввалроқ телефон қилмадим?
Яна бир-икки ойдан кейин телефон қилайчи, балки интернетдан фойдаланганим учун менга пул тўлашни бошлашар... 🤔
Суратларда:
Чапда уйдаги интернет (вай-вай), ўнгда мобил интернет.
Узр.
Нархлар:
Уй интернети учун ойига $53 (чегарасиз траффик), мобил телефон учун ҳам $53 (20 Гигабайт траффик)
Пост тугади.
Бу гапларни ўқиб, йиғлагингиз келмадими мабодо?
👉 @xushnudbek 👈


