Магистратурага ҳужжат топширишнинг охирги куни
Бугун магистратурага ҳужжат топширишнинг охирги куни
30 июль, яъни бугун магистратурага онлайн рўйхатдан ўтишнинг (ҳужжат топшириш) охирги куни.
Хоҳловчилар magistr.edu.uz портали орқали ариза юборишлари мумкин.
Маълумот учун, 30 июль соат 00:00 ҳолатига магистратурага кириш учун ариза топширган абитуриентлар сони 65 минг 875 нафарни ташкил қилган. Бугун бу рақам янада кўпайса керак.
Солиштириш учун кўрадиган бўлсак, ўтган йили жами 25 минг 913 киши, 2018 йилда эса 11 минг 999 киши ҳужжат топширган.
Жорий йилда хоҳловчилар бир неча баробар ошиб кетганининг асосий сабаби ёшлар бирдан билимга қизиқиб, магистратурада ўқигиси келиб қолганида эмас, қизиқиш олдин қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай. Шунчаки бу йил ортиқча қоғозбозлик ва бюрократия бекор бўлиб, барчаси онлайн, осон ва қулай бўлганида (биринчи йил шошилинч бўлгани учун порталдаги айрим техник носозликларни ҳисобга олмаганда).
Пандемиянинг энг катта фойдали томони бизда кўплаб қотиб қолган тушунчаларни парчалаб ташлади. Агар коронавирус бўлмаганида бакалавр ёки магистратурага ҳужжат топшириш қачон бунақа тўлиқ онлайнга ўтарди, Худо билади. Айрим консерваторлар “вой-дод, онлайн қилиб бўлмайди, керак бўлса абитуриентнинг ўзи ҳужжатларини кўтариб келсин” дея қаршилик қилиб тураверган бўларди.
Халққа кўрсатиладиган хизматлардан фойдаланиш қанчалар осон бўлса, инсонлар шунча кўп фаол бўла бошлайди, қанча кўп бюрократик талаблар бўлса, шунча фаоллик камаяди ва энг асосийси коррупция урчиб кетади. Бу аксиома, исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат.
👉 @xushnudbek 👈


