Ғарб давлатларида полициянинг аҳолига муносабати

Matn24-iyul, 2018, 12:412 daqiqa0 koʻrish

Аксарият ғарб давлатларида одамлар полицияга душман эмас, аксинча ҳар қандай вазиятда суяниш мумкин бўлган дўст каби ишониши ҳақида кўп бора эшитганмиз, ўқиганмиз. Юқорида Аброр Қодиров ҳам Флорида полицияси ҳақида яхши пост ёзибди.

Ўзимда ҳам Италияда шунга ўхшаш ҳолат бўлганди. Рома-Барселона учрашувидан соат 23:00 ларда чиқдик. Римдан Туринга қайтиб кетишимиз керак эди, поездимиз соат 00:15 да юрарди. Бемалол улгурамиз деб ўйлагандик, лекин унақа бўлмади.

Стадиондан бир пайтда 70 минг томошабин чиққанлиги учун “Олимпико” стадиони атрофида енгил машиналар ҳаракатланиши вақтинча чекланган экан. Ҳаммаёқда одам, бирорта машина йўқ лекин. Такси тутиш ҳақида ўйламаса ҳам бўлади. Сал шаҳар марказига чиқиб олиш мақсадида автобусга чиқдик. 6-7 та бекатдан кейин тушдик.

Лекин барибир такси йўқ эди. Телефонларимизда алоқа йўқ, интернет орқали чақириш ҳам имконсиз. Уёқларда Тошкентдагига ўхшаб қўл кўтармасанг ҳам, 10 та машина қаторлашиб тўхтамайди. Фақат ҳақиқий таксилар тўхтайди холос. Соат 23:30 бўлди. Агар поездга улгурмасак, эрталабгача Римда қолиб кетишга мажбур бўлардик.

Шунда ноилож чорраҳада турган полициядан илтимос қилдим. Турист эканлигимизни, 45 минутдан кейин поездимиз юришини, такси чақириб беришларини сўрадим. 50 ёшлар атрофидаги аёл киши эди. Гарчи кўчада машина ва мотоцикллар тиқилиб ётган бўлса ҳам, илтимосимизни рад қилмасдан телефони орқали ўзи билган такси компаниясига телефон қилишни бошлади. Жавоб бермади. Кўчанинг нариги томонида турган шеригини чақирди. “Бирорта таксининг номерини биласанми, телефон қилиб бер” деб сўради шекилли (италянчани тушунмадим), у ҳам телефон қилишга тушиб кетди. Хуллас, футбол тугагач буюртмалар жуда кўпайиб кетганлиги учун, бўш такси йўқ дейишди. Шунда ҳалиги полициячи бизга нариги чорраҳагача югуриб боришимизни, рация орқали шерикларини огоҳлантириб қўйишини, улар такси чақириб туришини маслаҳат берди. Охирги гапи ҳам зўр чиқди: “Афсус ҳозир кучайтирилган режимда “наряддамиз”, чорраҳани ташлаб кетиш мумкин эмас, йўқса ўзим машинамда олиб бориб қўярдим”, - деди.

Нариги чорраҳага қараб югуриб кетдик. Борсак у ерда ҳам 2-3 та полиция турибди. Улардан илтимос қилдик. Рация орқали айтганми, йўқми, аниқ билмадиму, хуллас улар ҳам такси чақиришга роса ёрдам беришди.

Бирортаси “Бор, бошимни қотирма, кўрмаяпсанми ишимиз кўплигини” демади. Керак бўлса 3-4 таси бирлашиб олиб, масаламизни ҳал қилишга тушиб кетишади. Муомаласи ҳам ажойиб.

Хуллас, четда юрган пайтда полицияга бемалол ишониш мумкин. Ҳозир бизда ҳам секин-аста шунақа бўляптику, кўз тегмасин.

P.S.: Ҳа, айтганча, ўша пайти йўлдан адашиб битта такси ўтиб қолди, полиция ёрдамида бир амаллаб тўхтатиб, олган мижозини тушириб, худди “Такси” филмидаги Эмильенга ўхшаб (ҳатто қарама-қарши йўллардан юриб) вокзалгача обориб қўйганди. Зўрға улгургандик поездга.

Каналга уланиш: 👇
https://t.me/xushnudbek

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek