ИИВ Каттақўрғондаги воқеа юзасидан муносабат билдирди
Ички ишлар вазирлиги Каттақўрғон воқеаси бўйича расмий муносабат билдирди.
Расмий муносабат
Ҳеч бир жамиятда инсон қадр-қиммати таҳқирланмаслиги, ҳар қандай шароитда ҳам инсон шаъни қадрланиши, унинг ҳуқуқлари тўла кафолатланиши белгиланган. Лекин, баъзи бир нопок ходимлар томонидан қонун бузилиши ҳолатлари содир этилаётгани жуда ҳам ачинарли.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган фуқаро Т.Н. га нисбатан содир этилган ножўя хатти-ҳаракатлар юзасидан ўтказилган текширув натижаларига кўра, ҳолат Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳар Ички ишлар бўлими жиноят қидирув бўлими тезкор вакили капитан Санъат Умаров томонидан содир этилганлиги аниқланди.
Бугунги кунда Санъат Умаров ички ишлар органларидан салбий ҳаракатлари учун бўшатилган. Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан бундай салбий ҳолатларни аниқлаш, олдини олиш ва ички ишлар органлари сафларини нопок, тасодифан кириб қолган ходимлардан тозалаш мақсадида, доимий равишда кескин чоралар кўриб борилади.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси
P.S.: Ростини айтсам мен Ички ишлар вазирлигидан халқдан узр сўрашини кутгандим. Ҳеч бўлмаса шунга яқинроқ мазмундаги матн бўлса керак дегандим. Йўқ, ҳатто яқин ҳам йўлашмабди. Японияда музқаймоқнинг нархини 1 цент кўтаришгани учун бутун бошли компания вакиллари жамоатчилик олдига чиқиб, кечирим сўрайди. Бизда эса бир аёлни қип-ялонғоч қилган ходим учун вазирлик халқ олдида айбдорлик ҳиссини туймайди, бир оғиз узр сўраб қўймайди.
Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ
