Бош прокуратура Отабек Сатторий иши бўйича баёнот берди
Xushnudbek.uzMatn1 daqiqa0Бош прокуратура расмий баёноти
Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан О.Сатторийга нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тергов давомида суднинг ажрими билан О.Сатторийга нисбатан "қамоққа олиш" тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Бугунги кунда тергов органига 7 та ҳолат бўйича О.Сатторийнинг хатти-ҳаракатлари устидан мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ҳозирда ушбу ҳолатларга тергов йўли билан ойдинлик киритилмоқда.
Жиноят ишининг қўзғатилиши қонунийлиги ўрганилганда, вилоят ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланмади.
Тергов устидан Бош прокуратура томонидан назорат ўрнатилган.
Маълумот тариқасида: О.Сатторий Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40 (Туҳмат), 41 (Ҳақорат қилиш), 202-2-модда (Ёлғон ахборот тарқатиш) лари билан айбли деб топилиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Бунга унинг 2021 йил январь ойида ижтимоий тармоқларда “Денов кўмир омбори” ҳамда Термиз шаҳридаги ҳайвонот боғи ходимлари мулкларни ўзлаштириш ва бошқа ноқонуний ҳаракатлар содир этганликлари ҳақида ҳақорат ва туҳматлардан иборат ёлғон ахборот тарқатганлиги сабаб бўлган.
Бош прокуратура матбуот хизмати
