Беҳзод Ҳошимов Ўзбекистон ҳақидаги 5 та фактни санаб ўтди
Xushnudbek.uzMatn3 daqiqa0Manba:Daryo — LIVE
Бир қатор мақолалари билан жамоатчилик эътиборига тушиб улгурган иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Фейсбукдаги саҳифасида Ўзбекистонга боғлиқ, лекин кўпчилик ишонмайдиган статистик маълумотлар ҳақида қизиқ пост қолдирибди. Таржимасини (бироз қисқартириб) эътиборингизга ҳавола қиламиз.
👇🏻👇🏻👇🏻
Ўзбекистонда одамлар зўр бериб ишонишда давом этаётган кўплаб барқарор афсоналар бор. Жуда олий маълумотли ва закий кишилар ҳам, агар уларнинг олам ҳақидаги тасаввурларини ўзгартиришга қодир бўлса, баъзи рақамларга ҳеч ишона олмайди. Мен Тошкентдаги танишларим ишониши энг қийин бўлган бешта объектив статистик маълумотларни ўзим учун ёзиб олдим (балки вилоятларда одамлар бундай статистикадан бохабардир, эҳтимол улар янги маълумотларга нисбатан тоқатлироқдир, ким билсин).
1. Ўзбекистонда қизлардан кўра ўғил болалар кўпроқ туғилади. Нисбат — тахминан 1,05 га 1. Яъни, янги туғилган миллион чақалоқ орасида ўғил болалар 50 мингтага ортиқ. Эркаклар аёллар нисбатан кўп вафот этишини ҳисобга олган тақдиримизда ҳам, 20—34 ёш оралиғида барибир эркаклар зиёд. Фақат 64 ва ундан катта ёшдагилар орасида аёллар улуши бироз ортади. Мамлакатимиз аҳолиси жуда ёш эканлигидан келиб чиқсак, ҳозир қанча аёл етишмаётганини тахмин қилишга ҳам уриниб ўтирмайман: ортиқча эркаклар билан катта бир шаҳарни тўлдириш мумкин. Бахтимизга, кўплаб ўзбекистонлик эркаклар Россияда уйланмоқда. Бу, балки, ижтимоий камчиликларни бартараф этишга ҳам ёрдам бераётгандир.
2. 2016 йил маълумотларига кўра Ўзбекистонда атиги 2 миллион дона автомобиль бор. Автомобилларнинг катта қисми ё давлат муассасаларига (давлатнинг иқтисодиётдаги ҳажмидан келиб чиқиб), ё хусусий фирмаларга тегишли эканини англаб етиш кўп қийин эмас. Яъни, жисмоний шахслар ихтиёридаги автомобиллар сони мана шу 2 миллиондан ҳам камроқ. Демак, Ўзбекистондаги жуда кўпчилик одамларда автомобиль йўқ. Бу факт тенгсизлик билан янада оғирроқ кўриниш олади: биттадан кўпроқ машинаси бор нечта одам/оилани биласиз? Шундай экан, мамлакатимизнинг аксарият аҳолисининг автотранспортдан фойдаланиш имкониятлари жуда чекланган. Кўриниб турибдики, жуда кўпчилик жамоат транспортидан фойдаланади, биз бўлсак ҳали ҳам бензинга субсидия ажратишда давом этяпмиз.
3. Ўзбекистон Қирғизистондан кўра қашшоқроқ: ЯИМнинг аҳоли жон бошига улуши мос равишда 990 доллар ва 1144 доллар. Ҳа, 1995 йили биз Қирғизистондан 60 фоизга бадавлатроқ эдик, бироқ бугун ўрта ҳисобда улар биздан кўра бойроқ.
Биз Қозоғистондан 8,8 баробар камбағалроқмиз. Ҳаёт даражаси бўйича 56 йилдан сўнг Қозоғистондан ўзиб кетишимиз мумкин — агар иқтисодиётимиз йилига 5 фоиздан, уларники эса 1 фоиздан ўсиб борса (қолган барча кўрсаткичлар ўзгармай турса: бу, албатта, ҳақиқатдан йироқ, мен шунчаки нисбатан ижобий ва содда сценарийни чизяпман). Рақамлар мантиғини тушунтирай: биз ҳозир йилига 50 долларга ўсяпмиз, улар бўлса 88 долларга ўсяпти. Тахминан 7800 долларлик кўрсаткичдан ўзиб кетишимиз керак. Албатта, бу ҳаддан ташқари оптимистик сценарий, тарихда ҳеч бир мамлакат кетма-кет 56 йил 5 фоиздан ўсмаган. Ҳатто энг муваффақиятли мамлакатлар ҳам бундай суръатни фақат бир декада сақлаб тура олган, холос. Агар ростдан уддалай олсак, у ҳолда тарихдаги иқтисодий ривожланиш рекордини урамиз. Менинг ёшим эса 80 дан ўтган бўлади.
4. Бизда олий таълим билан қамраб олиш даражаси тахминан 8—9 фоиз. Абитуриентларнинг 90 фоиздан ортиғи ОТМларга ўқишга кирмайди, лицей ва коллежларнинг барча битирувчилари ўқишга ҳужжат топширмаслиги ҳам тушунарли ҳол (яъни, абитуриентлар сони тўлақонли ахборот бера олмайди).
5. Ўзбекистонда автомобиль авариялари оқибатида жуда кўп одам ҳалок бўлади. Одатда авариялар кўлами аҳоли жон бошига қараб ҳисобланади, бироқ уларни йўллардаги автомобиллар сонидан келиб чиқиб ҳисобласак, юзага келадиган рақам жуда-жуда ачинарли, айниқса, автомобиллар шу қадар кам бўлган бир вазиятда... Бундай рақамлар хавотирга солиши керак, идеал ҳолатда эса жамиятнинг бош муҳокама мавзусига айланиши лозим.
PS. Суратда — Беҳзод Ҳошимов амакиси, «Корзинка.уз» асосчиси Зафар Ҳошимов билан:




