Беҳзод Ҳошимов билан иқтисодий инқироз ҳақида суҳбат

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanalMatn3 daqiqa0tahrirlangan

Беҳзод Ҳошимов томонидан айтилган иқтибослар (1-қисм)

Кўпчиликнинг талаб ва истакларига биноан, АҚШнинг Висконсин университети докторанти, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов билан бўлган суҳбатимизнинг энг муҳим жойларини матн кўринишида бериб борамиз. Суҳбатнинг тўлиқ видеосини мана бу ердан кўришингиз мумкин:

https://youtu.be/xGbYVEACq9A

ПАНДЕМИЯДАН КЕЙИН БИЗНИ НИМА КУТИБ ТУРИБДИ?

• Иқтисодий жиҳатдан мисли кўрилмаган қисқариш кутиб турибди. Масалан, 3 ҳафтада АҚШда 16 млн нафар инсонлар ишсизлик суғуртасига ариза топширган. Бу дегани ҳақиқий ишсизлар сони бундан ҳам кўп дегани, бу фақат ариза берганлар холос. Солиштириш учун 2008 йилги буюк репрессияда 800-900 минг бўлган. Шундан билиш мумкинки, иқтисодий зарар катта бўлади, камбағаллик ошади, инсонлар АҚШда ипотекасини тўлай олишмайди, уйидан ҳайдалишади, ижараларини тўлай олишмайди. Бу бирламчи зарар;

• иккиламчи зарарга тўхталсак, инсон ресурслари, меҳнат капитали бўш қолади, инсонларнинг психологик ва физик соғлиғига катта салбий таъсир қилади;

• иқтисодий зарарларнинг кўлами қай даражада катта ёки кичик бўлишига, пандемия қанча давом этишига боғлиқ.

• иқтисодчиларни юраксизроқ одам десангиз ҳам айтаман, иқтисодчилар инсон ҳаётига нарх қўйишган. АҚШда вазирликка қараб, битта инсон ҳаётига 7-12 млн доллар атрофида нарх қўйишган. Агар мабодо коронавирусдан АҚШнинг 1%и аҳолиси ўлса, уни ўртача 10 млн долларга кўпайтирсак, мисли кўрилмаган зарар бўлади;

• Чикаго университети профессори Луиджи Зингалеснинг фикрича, агар АҚШда ҳеч нарса қилинмаганда иқтисодий зарар 66 трлн доллар бўларди. АҚШнинг ялпи ички маҳсулоти ҳар йили тахминан 20 трлн.га тенг. Яъни бу дегани агар АҚШ ҳеч қандай чора кўрмаганда коронавирусдан келадиган иқтисодий зарар бутун АҚШ иқтисодиёти бир йилда ишлаб чиқаридиган миқдордан 3 баравар каттароқ бўларди;

• шу сабабли ҳам иқтисодчилар иқтисодиётни «бутунлай ўчириб қўйиш»ни, яъни ҳамма уйига кириб, ўтириб, карантин тугашини кутишини қўллаб-қувватлашади. Ва мен ҳам бу рақамларни кўрдим ҳамда мен ҳам бу фикрга қўшиламан.

ЎЗБЕКИСТОН ҲУКУМАТИ НИМА ҚИЛИШИ КЕРАК?

• Ўзбекистонда норасмий иш ўринлари расмийсига қараганда кўпроқ. Яъни умумий меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 18,9 млн киши бўлса, шундан расмий иш жойига эга бўлиб, солиқ тўлайдиган аҳоли, агар адашмаётган бўлсам, 2019 йилда 5,6 млн киши эди. Қолганлар норасмий секторда меҳнат қилади. Норасмий секторнинг ҳажми расмийга қараганда салкам 3 баравар катта. Бу дегани ҳозир ҳаммага қийин, лекин норасмий сектордагиларга айниқса кўпроқ қийин. Масалан, кунбай ишлайдиган мардикорлар, таксичилар, юк ташийдиганлар, фаррошлар, бозорда меҳнат қиладиганлар, хуллас улар миллион-миллион киши. Улар кунлик даромаддан қолишди. Шу сабабли уларга кўпроқ қийин ва шунинг учун уларга ёрдам бериш керак;

• қандай ёрдам бериш керак? Бу яхши савол. Масалан, АҚШ ҳар бир солиқ тўловчига 1200 долларлик чек юборишга қарор қилишди ва ҳар бир фарзанд учун 600 долларлик чек. Яъни оилада ота-она ва 4 нафар фарзанд бўлса, демак жами 4800 доллар юборишмоқда. Албатта АҚШнинг пули кўпроқ, бу лойиҳага 2 трлн доллар маблағ ажратишди. АҚШ бой мамлакат, улар билан солиштириш ноўрин;

• Ҳиндистонда ҳам ҳар бир фуқарога пул беришни муҳокама қилишмоқда. Ёки ойига, ёки 2 ҳафтада, ёки 1 ҳафтада ҳар бир фуқарога 7 доллардан беришни муҳокама қилишмоқда, ҳали бир қарорга келинмади;

• менинг фикримча, Ўзбекистонда уй хўжаликларидан келиб чиқиб, фарзандлари кўп, иш жойи тайин бўлмаган, энг камбағал тахминан 5 миллионта уй хўжаликларига тўғридан-тўғри молиявий ёрдам бериш керак. Масалан, 5 миллионта уй хўжалигига тахминан 100 доллардан берсак ҳам, 500 млн доллар бўлади, бу ҳозирги Ўзбекистон шароитида уддаласа бўладиган вазифа;

• одамларнинг қўлига пул бериш, бошқа жойларда пул сарфлашдан кўра афзалроқ. Яъни давлат компанияларини қутқаришдан кўра, уларнинг қарзларини ёпишдан кўра, умуминсоний принциплари бўйича қийналган ўзбекистонликларни қутқариш афзалроқ. Бу инқироздан чиқиш учун ҳам яхшироқ танловдир.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek